in

Автобусларда йўловчи ташиш такомиллаштирилади

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 3 июнь куни шаҳар жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Ҳужжат ташувлар сифатини ошириш, турли транспорт турларини интеграция қилиш ҳамда йўл ҳақи йиғимини яхшилашга қаратилган.

Ҳужжат шаҳар ва шаҳар атрофи автобус ташувларини ривожлантириш, шунингдек ҳаракат таркибини янгилашни рағбатлантириш чораларини назарда тутади. Хусусан, 2027 йил 31 декабрга қадар камида 60 нафар йўловчига мўлжалланган, «Евро-5» ва ундан юқори экологик стандартга жавоб берадиган янги импорт автобуслар, электробуслар ва троллейбуслар учун утилизация йиғимининг ноллик ставкаси амал қилиш муддати узайтирилди.

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб брутто-контракт асосида ишлайдиган ва валидаторлар билан жиҳозланган автобус йўналишларида транспорт воситасидан чиқиш пайтида йўл ҳақини тўлаш тартиби жорий этилади. Тўлов учун йўловчилар контактсиз транспорт карталари, банк карталари, NFC, Bluetooth Low Energy ёки UWB технологияларини қўллаб-қувватловчи смартфонлар, QR-кодлар, биометрик технологиялар ҳамда бошқа замонавий ҳисоб-китоб воситаларидан фойдаланиши мумкин бўлади.

Имтиёзли ёки бепул йўл юриш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар учун ижтимоий транспорт карталаридан фойдаланиш тартиби назарда тутилган. Агар йўловчи белгиланган усуллардан бири орқали тўловни ёки имтиёз ҳуқуқини тасдиқламаса, сафар билетсиз деб ҳисобланади.

Қарорга мувофиқ, 1 сентябрга қадар Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ва шаҳар атрофи электр поездлари учун тўлов тизимларини интеграция қилиш, шунингдек «электр поезд — автобус» ва «электр поезд — метро» схемалари бўйича комбинациялашган тарифларни жорий этиш вазифаси юклатилди.

Бундан ташқари, шаҳар чегарасидан 5 километргача ташқарига чиқувчи автобус йўналишлари шаҳар йўналишлари тоифасига киритилади.

Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош режаларида назарда тутилган айрим ҳолатларда шаҳар чегарасидан 12 километргача чиқувчи шаҳар атрофи йўналишлари ҳам шаҳар йўналишлари сифатида белгиланиши мумкин.