in

Ўзбекистон ва Қатар бизнес ҳамкорлигини кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йил 21 май куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчилари Алишер Шайхов ҳамда Жамил Максуди Қатар Давлати Савдо-саноат палатаси Бошқарув аъзоси Муҳаммад бин Аҳмад Аль Обайдли билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, Қатар инвестицияларини Ўзбекистон иқтисодиётига кенг жалб қилиш, шунингдек саноат, қишлоқ хўжалиги, логистика, энергетика ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Шу билан бирга, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш, бизнес-форумлар, савдо миссиялари ва B2B учрашувларини мунтазам ташкил этиш бўйича фикр алмашилди.

Учрашувда Ўзбекистон–Қатар ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ташаббуси ҳам муҳокама қилиниб, мазкур платформа икки давлат бизнес ҳамжамиятлари ўртасида самарали ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат қилиши таъкидланди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли шерикликни янада кенгайтириш ва амалий ҳамкорликни узоқ муддатли асосда ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.