in

Ўзбекистон Туркиядан қидирувда бўлган икки фуқарони экстрадитсия қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг қўшма тезкор-қидирув тадбирлари натижасида фирибгарлик ва одам савдосида айбланиб халқаро қидирувга берилган икки нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатга экстрадиция қилинди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотларига кўра, қўлга олинганлардан бири фирибгарлик ҳаракатларини содир этганидан кейин олти йил давомида мамлакат ташқарисида яшириниб юрган.

Тергов аниқлашича, у фуқароларни хорижга ишга жойлаштириш учун лицензияга эга бўлмаган ҳолда, уларни АҚШ ва Европа мамлакатларига юқори маошли ишга юборишни ваъда қилган.

Гумонланувчи жабрланувчиларнинг ишончига кириб, уларнинг пул маблағларини ўзлаштирган ва шахсий мақсадларда ишлатган.

Экстрадиция қилинган шахсга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси бўйича фирибгарлик жинояти юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, Туркияда одам савдоси билан боғлиқ жиноят учун, яъни Жиноят кодексининг 135-моддасида назарда тутилган айблов асосида қидирувда бўлган яна бир фуқаро қўлга олиниб, Ўзбекистонга қайтарилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда таъкидланишича, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик туфайли халқаро қидирувга берилган бошқа шахсларнинг жойлашувини аниқлаш, уларни ушлаш ва экстрадиция қилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Идорада шунингдек, мамлакат ташқарисида яширинишга уриниш жиноий жавобгарликдан озод этмаслиги, жиноят содир этган барча шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилиши таъкидланди.