in

RBI Ўзбекистон депозитарий инфратузилмасига уланди

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 22 апрель куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Қимматли қоғозлар Марказий депозитарийси ва Raiffeisen Bank International (RBI) ўртасида ҳисобварақ очиш ҳамда корреспондентлик муносабатларини ўрнатиш бўйича шартнома имзоланди.

Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистон капитал бозори инфратузилмасини халқаро молия тизими билан интеграция қилиш йўлидаги муҳим қадамдир. RBI билан ўрнатилган муносабатлар хорижий инвесторлар учун Ўзбекистоннинг давлат ва корпоратив қимматли қоғозлар бозорига тўғридан-тўғри кириш имконини яратади.

Бу, ўз навбатида, миллий капитал бозори ликвидлилигини ошириш билан бир қаторда, инвесторлар базасини кенгайтириш ҳамда қимматли қоғозлар бўйича ҳисоб-китоблар, сақлаш ва хизмат кўрсатиш жараёнларига энг илғор халқаро тажрибаларни жорий этишга хизмат қилади.

Ҳамкорлик доирасида миллий валютадаги облигациялар бозорини ривожлантириш, депозитар хизматлар сифатини яхшилаш ва глобал сармоядорларнинг маҳаллий активларга бўлган ишончини ошириш масалалари устувор йўналиш этиб белгиланди. Марказий депозитарийнинг операцион ишончлилиги ва замонавий технологияларга асосланган инфратузилмаси маҳаллий эмитентлар ҳамда глобал инвесторлар ўртасида самарали “молиявий кўприк” вазифасини ўтайди.

Мазкур келишув келгусида бошқа йирик глобал депозитарийлар ва халқаро кастодиан банкларнинг мамлакатимиз бозорига кириб келиши учун ижобий сигнал бўлиб хизмат қилади. Энг муҳими, ушбу ҳамкорлик трансчегаравий қимматли қоғозлар амалиётларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, Ўзбекистоннинг жаҳон молия харитасидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.