Тошкент, Ўзбекистон — АҚШнинг Сан Франсиссо шаҳрида “Samarqand Digital Hub” инновацион маркази ўз фаолиятини бошлади.
Унинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев иштирок этиб, бу ерда яратилган замонавий инфратузилма, технологик имкониятлар ҳамда стартаплар учун тақдим этилаётган шароитлар билан яқиндан танишди.
Янги марказ иш бошлаган илк кундаёқ "Humonola Inc" компанияси билан стартап лойиҳаларини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Мазкур келишув ёш ўзбекистонлик дастурчилар ва инноваторлар учун ўз ғояларини глобал миқёсда, хусусан, АҚШ бозорида илгари суриш имкониятларини кенгайтиради.
“Samarqand Digital Hub” нафақат IТ ва стартап экотизимини ривожлантиришга хизмат қилади, балки технологик ҳамкорликни мустаҳкамлашда ҳам муҳим платформага айланиши кутилмоқда.
Марказ орқали Самарқанд вилоятидаги ёшларнинг инновацион салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни халқаро инвесторлар ва технологик ҳамжамият билан боғлаш мақсад қилинган.
Шу тариқа, янги марказнинг очилиши рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди.
