in

Ўзбекистон делегацияси Франциядаги “Val Thorens” тоғ-чанғи курорти фаолияти билан танишди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси ўринбосари S.Bobokalonov бошчилигидаги делегация Франция Республикасига амалга оширилган хизмат сафари доирасида Алп тоғларида жойлашган дунёдаги энг нуфузли тоғ-чанғи курортларидан бири — “Val Thorens” фаолияти билан танишди.

1971 йилда ташкил этилган “Val Thorens” бугунги кунда жаҳон миқёсидаги етакчи туризм дестинацияларидан бири ҳисобланиб, “Les 3 Vallées” ягона туристик тизими таркибига киради. Ушбу ҳудуд дунёдаги энг йирик тоғ-чанғи инфратузилмаларидан бири бўлиб, умумий узунлиги 600 км дан ортиқ трассаларни қамраб олади. Шундан 140 км дан ортиқ трассалар бевосита “Val Thorens” ҳудудида жойлашган бўлиб, турли даражадаги (бошловчи, ўрта ва профессионал) спортчилар учун мослаштирилган.

Курорт бош директори Жером Греллет маълумотига кўра, қишки мавсумда кунлик ташриф буюрувчилар сони ўртача 20–30 минг нафарга етади, йиллик умумий ташрифлар эса 2 млн нафар атрофида. Мавсум ноябрь ойи охиридан бошланиб, май ойига қадар давом этади, бу эса узоқ ва барқарор туристик фаолликни таъминлайди.

Курортнинг ривожланиш модели давлат ва хусусий сектор ўртасидаги самарали ҳамкорликка асосланган бўлиб, давлат томонидан инфратузилма ва режалаштириш жараёнлари таъминланади, хусусий сектор эса меҳмонхона, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишларида фаол иштирок этади.

Делегация курортнинг марказлашган операцион бошқарув тизими, туристик оқимларни самарали тақсимлаш механизмлари, хавфсизлик стандартлари ҳамда курорт экотизимини ташкил этувчи инфратузилма объектлари билан танишди. Хусусан, яшаш, транспорт, дам олиш ва хизмат кўрсатиш элементларининг ўзаро интеграциялашган ҳолда фаолият юритиши алоҳида эътироф этилди.

Ташриф давомида олинган тажриба ва маълумотлар мамлакатимизда туризм соҳасини янада ривожлантириш, замонавий ёндашувларни жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда хизмат қилиши кутилмоқда.