in

Ўзбекистонда демографик барқарорлик муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 21 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNPFA) ҳамда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда демографик барқарорликни мустаҳкамлаш: маълумотлар, далилларга асосланган сиёсат ва иқлим ўзгаришига доир чора-тадбирларни уйғунлаштириш” мавзусида семинар ўтказилди.

Тадбирда халқаро ташкилотлар, давлат бошқаруви органлари ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари иштирок этди. 

Семинар давомида демографик омилларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишни режалаштириш тизимига интеграция қилиш масалалари муҳокама қилинди. Демографик маълумотлар ва таҳлиллардан самарали фойдаланиш, шу жумладан, иқлим ўзгариши шароитида далилларга асосланган қарорлар қабул қилишнинг муҳим шарти экани қайд этилди.

Кириш сўзларида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNPFA)  ўртасида кенг кўламли ҳамкорликлар ҳамда амалга оширилаётган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Вазирликнинг демографик барқарорлик йўналишидаги мувофиқлаштирувчи роли алоҳида таъкидланди. Инсон капиталини ривожлантириш, хусусан, ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларга кенг шароитлар яратиш иқтисодий ўсишни таъминлашнинг муҳим омилларидан бири экани қайд этилди.

Тадбир доирасида демографик барқарорлик бўйича ёндашувлар кўриб чиқилди ҳамда уларни миллий даражада қўллаш механизмлари муҳокама қилинди. Демографик жараёнларни прогнозлаш ва уларни сиёсат, режалаштириш ҳамда инвестиция жараёнларига интеграция қилиш устувор вазифа сифатида белгиланди. Ушбу ёндашув бандлик, соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя, миграция ва инфратузилма йўналишларида мувофиқлаштирилган чораларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Шунингдек, иқлим ўзгариши ва демографик жараёнларнинг ўзаро боғлиқлиги масалалари кўриб чиқилди. Ушбу омилларнинг ўзаро таъсири мавжуд хатарлар ва ривожланиш имкониятларини шакллантириши таъкидланди. Интеграциялашган ёндашувларни қўллаш зарурлиги қайд этилди.

Семинар якунлари бўйича тегишли йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтириш ва тизимли ишларни давом эттириш юзасидан келишувларга эришилди.