in

Ўзбекистон ва Корея парламентлараро мулоқотни мустаҳкамламоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 24 апрель куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Агзамходжаев Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси аъзоси Ан До Гол бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларида янада кенгайтириш, шунингдек, парламентлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, икки давлат парламентлари ўртасида барча бўғинларда тизимли мулоқот йўлга қўйилган. Хусусан, ўтган йили декабрь ойида Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи йиғилиши самарали ўтказилди. 2023 йилда Корея Республикаси ташаббуси билан йўлга қўйилган мазкур мулоқот формати ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган самарали платформа сифатида эътироф этилди.

Учрашувда парламентлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш юзасидан қатор таклифлар илгари сурилди. Жумладан, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш, юқори даражада эришилган келишувлар ижроси устидан қўшма парламент назоратини кучайтириш, масъул қўмиталараро ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари, шунингдек, жорий йил давомида кўзда тутилган қўшма тадбирлар режалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, маданият соҳасида, хусусан икки мамлакат музейлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича улкан салоҳият қайд этилиб, бу борада ҳудудлар кесимида алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашишга келишилди.