in

Ўзбекистон Сенати миграция соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Халқаро миграция ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Артур Еркен билан учрашув ўтказди.

Суҳбат давомида хавфсиз, тартибли ва қонуний миграцияни таъминлаш, одам савдосига қарши курашиш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда миграция соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Халқаро миграция ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, мақсадли қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ва превентив механизмларни такомиллаштириш, миграция соҳасида илғор тажрибаларни ўрганиш юзасидан фикр алмашилди.

Рақамли технологиялар шароитида пайдо бўлаётган одам савдосининг янги шакллари, онлайн эксплуатация ва виртуал платформалар орқали содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистонда инсон қадри ва ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган миграция сиёсати изчил амалга оширилаётганини таъкидланди. Жумладан, одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш, тартибли меҳнат миграциясини қўллаб-қувватлаш, мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни касб ва тилга ўқитиш, шунингдек, хорижда хавфсиз меҳнат фаолиятини таъминлаш ҳамда қайтган мигрантларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.