in

Ўзбекистонда барқарор тадбиркорлар сони ошди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонда 2026 йил 24 апрель ҳолатига кўра 2,1 минг нафар тадбиркорга юқори барқарорлик рейтинги берилган. Улардан 335 та субъект энг юқори — ААА даражасини олган.

Маълумотларга кўра, 64,4 минг тадбиркор ўрта барқарорлик тоифасига киритилган, 226,2 мингта субъект қониқарли кўрсаткичга эга, 294,7 мингта тадбиркор эса паст рейтингга эга деб баҳоланган.

Қайд этилишича, барқарорликни баҳолаш тизими жорий этилганидан бери юқори рейтингга эга тадбиркорлар сони 1,3 баробарга ошган. Бу эса тадбиркорлик муҳитининг босқичма-босқич мустаҳкамланаётгани ва бизнес соҳасида бошқарув сифати ошиб бораётганини кўрсатади.

Юқори рейтингга эга тадбиркорларнинг энг кўп қисми савдо соҳасида фаолият юритмоқда — 690 та корхона. Ундан кейин хизмат кўрсатиш соҳаси 654 та, саноат — 506 та, қишлоқ хўжалиги — 106 та ва қурилиш соҳаси — 59 та корхонадан иборат.

Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрига тўғри келади, бу ерда 709 та тадбиркор юқори рейтингга эга. Тошкент вилоятида улар сони 258 тани, Самарқанд вилоятида 180 тани, Фарғона вилоятида эса 152 тани ташкил этган.